Ўзбекистон элчиси Британия халқаро трейдерлар гилдияси раҳбари билан учрашув ўтказди
Март 15, 2024. 14:31 • 2 дақ
• 391
ЛОНДОН, 15 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Равшан Усманов Британия халқаро трейдерлар гилдияси (Worshipful Company of World Traders) раиси Майкл Ларсен билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

1985 йилда ташкил этилган Worshipful Company of World Traders Лондон шаҳрида жойлашган 111 гилдиядан бири саналади. Гилдия молиявий хизматлар ва савдонинг барча соҳаларида халқаро трейдерлар, жумладан брокерлар, банкирлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар, шунингдек, товарлар ва хизматлар савдогарлари ассоциациясидир.
Майкл Ларсен Ўзбекистонда иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизация қилиш, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.
"Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири эканига мен республикага бир неча бор қилган ташрифларим давомида амин бўлганман. Хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар мамлакатингиз хорижлик ишбилармонлар, шу жумладан, Буюк Британия учун ҳам жозибадор бўлиб бормоқда", – деди у.
Мулоқот чоғида Буюк Британия халқаро трейдерлар гилдияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани тасдиқланди.
Музокаралар натижасида гилдия вакиллари томонидан Ўзбекистонга MICE-туризмини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш, биргаликда бизнес форумлар ва давра суҳбатлари ўтказиш ҳамда икки давлат трейдерлари делегациялари алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси