Покистоннинг йирик саноат гуруҳи инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга бизнес-делегация юборади

Октябрь 31, 2026. 13:30 • 2 дақ

• 155
Покистоннинг йирик саноат гуруҳи инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга бизнес-делегация юборади

ИСЛОМОБОД, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик саноат-бизнес бирлашмаларидан бири “Dewan Yousuf Group” раҳбари Диван Юсуф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда рақамли иқтисодиёт ва криптоинфраструктурани ривожлантириш, шакар ҳамда цемент саноатида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Диван Юсуф Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт, криптоактивлар ва блокчейн технологиялари соҳасидаги салоҳиятини юқори баҳолаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди. Хусусан, у халқаро рақамли активлар жамғармаларини жалб этиш, замонавий рақамли платформаларни яратиш ҳамда криптомайнинг жараёнида энергия тежовчи технологияларни жорий этиш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди.

Шунингдек, томонлар шакар саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Покистон томони хомашёни импорт қилиш, уни Ўзбекистонда қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотни ички бозорда сотиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Шу муносабат билан Ангрен шакар заводининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳани амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда цемент саноатидаги ҳамкорлик ва савдо-логистика алоқаларини ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар якунида компания томонидан батафсил инвестиция таклифларини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан онлайн-консультациялар ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, истиқболли лойиҳаларни бевосита республикамизда ўрганиш мақсадида покистонлик делегациянинг бизнес-миссиясини ташкил этиш режалаштирилди.

1916 йилда асос солинган “Yousuf Dewan Companies” Покистоннинг йирик саноат-бизнес гуруҳларидан бири ҳисобланади. Унинг фаолияти автомобилсозлик, цемент ва шакар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, синтетик толалар тайёрлаш ҳамда ташқи савдо йўналишларини қамраб олади. Гуруҳ корхоналарида 4 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш