Ўзбекистон ва Бавария кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Октябрь 31, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 94
Ўзбекистон ва Бавария кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Бавария кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Бавария кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

МЮНХЕН, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов Германиянинг Бавария федерал ҳудудига ташрифи чоғида маҳаллий ҳукумат, парламент, давлат идоралари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, касб-ҳунар таълими ва гуманитар алмашинув соҳаларидаги шерикликни мустаҳкамлаш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Бавария иқтисодиёт, минтақавий ривожланиш ва энергетика вазирлиги давлат котиби Тобиас Готтхардт билан учрашувда товар айирбошлашни кўпайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва корхоналар ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш муҳокама қилинди. Шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларни Бавария меҳнат бозорига жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар ахборот технологиялари, яшил иқтисодиёт, энергетика, транспорт, логистика, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика ва машиносозлик йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.

Шунингдек ўқинг

Бавария иқтисодиёт вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Bayern – Fit for Partnership” дастурига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу дастур хорижлик мутахассислар ва компаниялар раҳбарларини немис корхоналарининг илғор технологиялари билан таништириш, малакасини ошириш ва ўзаро ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.

Музокаралар якунида Нюрнберг ва Регенсбург савдо-саноат палаталари билан биргаликда бизнес-форумлар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди. Бундан ташқари, Бавария ички ишлар, спорт ва интеграция вазирлиги вакиллари билан хавфсизлик, йўл ҳаракатини ташкил этиш ҳамда ёшлар футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида Германиянинг машҳур “Motel One GmbH” меҳмонхоналар тармоғи раҳбарияти билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказилди. Унда компанияни Ўзбекистон бозорига олиб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш сектори учун кадрлар тайёрлаш ҳамда Германиядаги меҳмонхоналарда ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтказилган учрашувлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, сармояларни жалб этиш ҳамда иқтисодиёт, таълим ва гуманитар йўналишларда амалий лойиҳаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш