Миср компанияси Ўзбекистондаги қурилиш лойиҳаларига қизиқиш билдирди
Июль 30, 2026. 19:23 • 2 дақ
• 150
ҚОҲИРА, 30 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Мисрнинг “Friends for Engineering & Contracting” етакчи қурилиш компанияси директори Муҳаммад Султон ҳамда бизнес менежери Воил Абу Бакр билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида компания вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳамда мамлакатда яратилган қулай сармоявий муҳитни алоҳида қайд этди.
Улар Ўзбекистон бозорига кириш, тўғридан-тўғри сармоя киритиш, илғор муҳандислик ва қурилиш ечимларини жорий этишдан чин дилдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистон ҳудудида замонавий меҳмонхоналар, турар-жой мажмуалари ва инфратузилма объектларини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Компания вакиллари лойиҳаларни амалга оширишнинг ўзаро манфаатли механизмини таклиф этди.
Унга кўра, Ўзбекистон томони тегишли ер участкасини ажратади, “Friends” компанияси эса лойиҳалаштириш ва қурилишнинг тўлиқ босқичини ўз зиммасига олади, шунингдек, лойиҳани ўзининг сармоявий маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни таъминлайди.
Учрашув якунида компания вакиллари таклиф этилаётган лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш ва аниқ сармоявий таклифларни тайёрлашини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси