Хитой компанияси Ўзбекистонда "яшил" технологияларни ўрганишга ихтисослашган тадқиқот марказини барпо этишга қизиқиш билдирмоқда
Октябрь 29, 2024. 15:14 • 2 дақ
• 234
ГУАНЧЖОУ, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Хитойнинг "Inwinic Technology (Shenzhen) Co." компанияси директори Ван Жие билан билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат давомида Хитойнинг автомобилсозлик соҳасида яратилаётган "яшил" технологиялардан фойдаланиш тажрибасини Ўзбекистонга тадбиқ этиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасида илмий-академик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда электромобиллардан фойдаланиш ривожланиб бораётгани ҳамда мамлакатимизда мазкур турдаги автомобиллар ишлаб чиқарувчи "BYD Uzbekistan Factory" заводи ишга тушганини инобатга олиб, маҳаллий мутахассислар ушбу соҳадаги ноу-хаулардан доимий равишда хабардор бўлишининг муҳимлигини таъкидлади.
Шу сабабли, Хитой Таълим вазирлиги ва Урумчи профессионал таълим университети билан ҳамкорликда давлат грант маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон ҳудудида автомобилсозлик соҳасидаги "яшил" технологияларни ўрганишга ихтисослашган ўқув-илмий тадқиқот марказини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Компания раҳбариятининг жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга сафарини уюштириш ва лойиҳанинг иқтисодий-техник асосларини тайёрлаш тўғрисида келишилди.
"Inwinic Technology (Shenzhen) Co." компанияси Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида жойлашган. Ташкилот "BYD" ва "Huawei" компаниялари, шунингдек, ушбу давлатлардаги 1400 таълим муассасалари билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар асосида кадрлар ва мутахассисларни ўқитиш, уларни касбий малакаларини ошириш ва қайта тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси