Испан компанияси Ўзбекистондаги йирик насос станцияларини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда
Февраль 15, 2025. 10:17 • 57 сония
• 212
МАДРИД, 15 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг "Grupo Enhol" компанияси бош директори Роберто Сабалс билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида "Enhol" компанияси иштирокида Қорақалпоғистонда қуёш ва шамол электр станцияларини бунёд этиш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Испания томони мамлакатимизнинг шамол ва қуёш энергетикаси соҳасидаги юксак салоҳиятини қайд этиб, иқлим шароити ва ҳукуматнинг қулай сармоявий муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонни узоқ муддатли ҳамкорлик учун жозибадор шерик мамлакатга айлантираётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон элчиси мамлакатимизнинг "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегияси ва энергетика соҳасига хорижий сармояларни жалб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
"Enhol" компанияси бош директори Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Хусусан, испан компанияси Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги насос станцияларини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш бўйича янги лойиҳаларни тақдим этди. Улар насос станцияларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг камида 50 фоизини қоплай олади.
Қайд этилишича, "Enhol" компанияси билан ҳамкорлик Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш, Испаниянинг ушбу соҳадаги илғор технологияларини жорий этишни жадаллаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш бўйича миллий мақсадларга эришишга катта ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади