Logo

Испан компанияси Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қизиқиш билдирмоқда

Февраль 20, 2024. 08:12 • 2 дақ

400
Испан компанияси Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қизиқиш билдирмоқда

МАДРИД, 20 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Испания Сенатининг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат бўйича комиссиясининг озиқ-овқат масалалари бўйича спикери Антонио Луэнго ҳамда «BioGreen Road» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.


Сенатор Антонио Луэнго Испаниянинг қурғоқчил минтақаларидан бири, ёғингарчилик кам, тупроғи тошлоқ бўлган Мурсия провинцияси ҳам худди Ўзбекистон каби экинларни суғориш учун сув ресурслари етишмаслиги муаммосига дуч келаётганини маълум қилди.


Испан томони «BioGreen Road» компаниясининг сувни гелга макромолекуляр айлантириш технологияси тақдимотини ўтказди. Ушбу технология атрофда намлик пуфакчаларини ҳосил қилиш орқали ер қаъридаги туз конларини ўсимликлар илдизидан узоқлаштириш имконини беради, уларни ва сув истеъмолини 50 фоизга камайтиради ва уни илдиз қатламининг юзаси учун сақлайди.


Сув танқислиги кузатилаётган Мурсия провинциясида оддий суғориш режимида 1 гектар майдонни суғориш учун сув сарфи ўртача 5,5 минг кубометрни ташкил этади. Томчилатиб суғоришдан фойдаланганда сув сарфи 4 минг кубометргача, «BioGreen Road» технологиясидан фойдаланганда эса 2 минг кубометргача камаяди.


Провинцияда Ўзбекистонда бўлгани каби дала шароитида кўкат ва мевалар етиштиришда ушбу технологиядан фойдаланиш ҳосилдорликни 10 фоиздан ошишига хизмат қилмоқда.


Учрашув якунида яқин вақт ичида «BioGreen Road» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш