Logo

Малайзия компанияси Ўзбекистонда "ҳалол" стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда

Март 03, 2025. 16:32 • 2 дақ

255
Малайзия компанияси Ўзбекистонда "ҳалол" стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 3 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "CB Synergy" компанияси бош директори Шахзели бин Шахзулкариб бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

 Малайзия компанияси раҳбари мамлакатимизда маҳаллий гўштни қайта ишлаш орқали "ҳалол" стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини жиддий кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Шахзели бин Шахзулкарибнинг айтишича, Ўзбекистон келажакда Марказий Осиёда "ҳалол" маҳсулотлар хабига айланиши ҳамда мамлакатимизда "ҳалол" стандартлари асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболли бўлиши мумкин.

"Компаниямиз ташаббуси билан Ўзбекистонда "ҳалол" гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида "Perak Halal Corporation Sdn Bhd" давлат компанияси ҳамда "Ramly Food Processing Sdn Bhd", "CP Food Malaysia" каби хусусий "ҳалол" озиқ-овқат компаниялари билан консорциум тузиш бўйича келишув ишлаб чиқилмоқда", деди у.

Шунингдек, "CB Synergy" компанияси директорлар кенгаши раиси Нг Су Бун Ўзбекистонда мавжуд дарё ва каналларда сув оқимидан оқилона фойдаланган ҳолда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш лойиҳасини маҳаллий ҳамкорлар билан бирга амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиш учун компания раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш