Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳияти Венада намойиш этилди
Октябрь 03, 2023. 16:38 • 2 дақ
• 152
ВЕНА, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Австрия пойтахтида бўлиб ўтган «Барқарор ишлаб чиқаришни тезлаштириш ечимлари» мавзусидаги 4-Глобал ишлаб чиқариш конференциясида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Халқаро молия корпорацияси ва Австрия молия вазирлиги томонидан ташкил этилди. Унда саноат ишлаб чиқарувчи компаниялар ва молиявий ривожланиш институтлари вакиллари қатнашди.

Конференция сессияларида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳияти ҳақида маъруза қилди. Иштирокчиларга Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳияти, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш тажрибаси, бугунги ҳолат, ривожланиш истиқболлари, ишлаб чиқариш, инвестициялар ҳақида маълумот берилди. Тақдимотда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани алоҳида қайд этилди. Республикамизда жадал ривожланаётган соҳада хорижий инвесторлар учун янги лойиҳаларни ишга тушириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси раҳбари конференция доирасида хорижий ҳамкорлар, жумладан, Австрия Иқтисодий палатаси, «Advantage Austria» компанияси, Австрия Тараққиёт банки ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Австриялик ҳамкорлар Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун мамлакатимиздаги енгил саноат корхоналари билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга катта қизиқиш билдиришди. Ўзбекистонда янги корхоналарни ишга тушириш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш учун Австрия ҳукуматидан имтиёзли кредитлар ажратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) техник ҳамкорлик департаменти директори Марко Камия билан бўлиб ўтган мулоқотда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Сирдарё вилояти делегацияси Хитой тажрибасини ўрганмоқда