Ўзбекистон элчихонаси делегацияси Япониянинг Окаяма префектураси раҳбарияти ва бизнеси вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказди
Декабрь 16, 2024. 15:26 • 3 дақ
• 377
ТОКИО, 16 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси делегацияси ишчи ташриф билан ушбу мамлакатнинг Окаяма префектурасига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф мамлакатимизнинг иқтисодий дипломатия сиёсатини фаол илгари суриш, Япония ҳудудлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва таълим соҳаларида алоқаларни кенгайтириш мақсадида уюштирилди.
Хусусан, Окаяма префектураси ва компаниялар раҳбарлари билан кечган мулоқот давомида Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, хорижий инвесторларга яратилган шароитлар, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Тадбиркорлар билан ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари муҳокама қилинди.
Окаяма префектураси губернатори Рюта Ибараги билан учрашув давомида ушбу префектура ҳамда мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида иқтисодий, маданий, туризм, таълим ва қонуний меҳнат миграцияси соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Губернатор Окаяма префектураси Японияда юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан узум ва шафтоли етиштириш бўйича етакчи ҳудудлардан бири эканини маълум қилди. Шу билан бирга, префектурада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда инновацион ишланмалардан кенг фойдаланилиши айтиб ўтилди. Япония томони ушбу йўналишда Ўзбекистон билан тажриба алмашишга тайёрлиги ҳам билдирди.
Окаяма шаҳри мэри Масао Омори билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида асосий эътибор ҳудудлараро иқтисодий ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантиришга қаратилди.
Мэр мамлакатимизнинг ушбу йўналишларда салоҳияти жуда юқори эканини алоҳида таъкидлаб, Окаяма шаҳрида Ўзбекистон тарғибот дастурлари ва тадбирларини ўтказишга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлиги тасдиқлади.
Ташриф давомида Ўзбекистон дипломатлари "Tenmaya Co. Ltd" компанияси президенти Казуёши Саито билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистондан Японияга маҳсулотлар экспортини ошириш, "Tenmaya" савдо тармоқларида мамлакатимиз маҳсулотлари сотувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
"Tenmaya Co. Ltd" компанияси президенти Казуёши Саито "Tenmaya" савдо тармоқларида Ўзбекистон қуритилган мевалари савдосини амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Ушбу масалани Нагоя шаҳрида жойлашган "Ўзбекистон савдо уйи" имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
"Tokiwa Group" компанияси ҳамда "Okayama Plaza Hotel" президенти - бош ижрочи директори Кюичиро Нагаяма билан олиб борилган музокаралар ҳам самарали кечди.
Кюичиро Нагаяма Ўзбекистонга бўлган бизнес-шериги орқали мамлакатимиздаги иқтисодий муҳит, инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот олганини ва юртимизга бўлган қизиқиши ортганини таъкидлади.
Учрашув якунида 2025 йилнинг биринчи чорагида Кюичиро Нагаяма бошчилигидаги "Tokiwa Group" компанияси вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси