Logo

Испаниянинг Наварра автоном провинцияси Ўзбекистон билан энергетика, автомобилсозлик, сайёҳлик каби соҳаларда ҳамкорликдан манфаатдор

Март 25, 2025. 15:07 • 2 дақ

103
Испаниянинг Наварра автоном провинцияси Ўзбекистон билан энергетика, автомобилсозлик, сайёҳлик каби соҳаларда ҳамкорликдан манфаатдор

НАВАРРА, 25 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов  ишчи ташрифи билан Испаниянинг Наварра автоном провинциясида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташрифи чоғида Наварра президенти Мария Чивите ва ҳудуднинг етакчи "Enhol Group" ҳамда "KWD Auto" компаниялари раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.


Наварра президенти Мария Чивите билан учрашувда у икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга масалалари хусусида фикр алмашилди. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, сайёҳлик ва маданий алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, меҳнат миграцияси, хусусан, Наварранинг қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига ўзбекистонлик мутахассисларни жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.


"Enhol Group" компанияси  раҳбарияти кечган билан музокараларнинг асосий мавзуси Қорақалпоғистонда қуёш ва шамол электр станцияларини яратиш, шунингдек, "Аму-Бухоро" канали насос станцияларини электр энергияси билан таъминлаш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўлди. Компания вакиллари Ўзбекистонда барқарор қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, республикада логистикани оптималлаштириш билан янги қувватларни яратиш орқали етказиб бериш занжирини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.


"KWD Auto" компанияси мутасаддилари Ўзбекистон корхоналари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва автомобиль бутловчи қисмларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдорлигини билдирди. Томонлар "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси  билан тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдилар.


Наварра университети ректори Мария Ирабуру билан кечган мулоқотда тиббиёт, фармацевтика ва бизнес соҳаларида ўзбек мутахассислари учун академик алмашинув, қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиёт ўташ истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Ушбу ташаббусларни батафсил ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли идоралари вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказишга келишиб олинди.


Испания томонига "Тошкент-Мадрид-Тошкент" йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар шу йил апрель ойидан йўлга қўйилиши, бу эса мамлакатлар ўртасидаги туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиши таъкидланди.


Шунингдек, Наваррада Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб қилиш режалаштирилмоқда, бу маданий алмашинув ва иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш