Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилмоқда

Октябрь 07, 2026. 16:25 • 2 дақ

• 34
Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилмоқда

ИСЛОМОБОД, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси — саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хон билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, хусусан, савдо, инвестициялар, экспорт ва халқлар ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бош вазир маслаҳатчиси Харун Ахтар Хон Покистон Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатларни янги босқичга кўтариш, шунингдек, савдо, инвестициялар, экспорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги биродарлик ва дўстлик ришталари ўзаро манфаатли тижорат алоқаларини янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, томонлар ўзаро делегациялар алмашинувини фаоллаштириш, ҳудудлараро ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кучайтириш, имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама халқаро шартномалар бўйича ишларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шу боис, яқин келажакда кутилаётган юқори даражадаги ташрифлар, Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ва Ҳудудлараро форумни юқори савияда ташкил этиш ҳамда уларни аниқ амалий натижаларга йўналтириш муҳимлиги қайд этилди.

Мулоқот давомида транспорт-логистика алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш ва уларнинг сонини ошириш савдо ҳамда туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, авиа-карго соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, юк ташиш йўналишларини ривожлантириш икки томонлама савдо ҳажмини оширишга ва товарларни етказиб беришни сезиларли даражада енгиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш