Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти Россия жанубидаги ишбилармон доираларга тақдим этилди

Октябрь 04, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 78
Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти Россия жанубидаги ишбилармон доираларга тақдим этилди

РОСТОВ-ДОН, 4 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Россиянинг Ростов вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳамда савдо-иқтисодий  ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига бағишланди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати, саноат кооперацияси истиқболлари, корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ҳудудлараро бизнес муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Россиялик компанияларнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этиши учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда ишбилармонлар бизнес юритиш шартлари, солиққа тортиш, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, маҳсулотларни сертификатлаш, логистика, ҳамкорларни топиш ва инвестициявий лойиҳаларда қатнашиш билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб олдилар. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви, Марказий Осиё ва қўшни давлатлар бозорларига чиқиш имкониятлари юқори баҳоланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ростов вилояти ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ишларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди. Хусусан, 2027 йилнинг биринчи чорагида минтақа тадбиркорларининг республикамизга бизнес-миссиясини ташкил этиш масаласи режалаштирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш