Ўзбекистон Свердловск ва Тюмень вилоятлари билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиради
Октябрь 02, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 69ЕКАТЕРИНБУРГ-ТЮМЕНЬ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов бошчилигидаги делегациянинг Свердловск ва Тюмень вилоятларига хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида таълим, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш, туризм ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича қатор учрашувлар ўтказилди.
Свердловск вилоятида Урал давлат темир йўллари университети раҳбарияти билан музокараларда Ўзбекистоннинг транспорт соҳасидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, икки дипломли таълим тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Келгусида қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Хизмат сафари давомида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Екатеринбург шаҳрида тантанали қабул ташкил этилди. Унда Свердловск вилояти ва Екатеринбург шаҳри раҳбарияти, дипломатик корпус, савдо-саноат палаталари, олий таълим муассасалари, бизнес вакиллари ҳамда ватандошлардан иборат 300 га яқин меҳмон иштирок этди.
Урал федерал округида ташкил этилган учрашувда ушбу ҳудудда яшаётган ватандошларга таълим олиш ва хориждаги фаолияти давомида маҳаллий қонун-қоидаларга риоя қилиш, билим ва кўникмаларини келгусида Ўзбекистон тараққиётига йўналтириш бўйича тавсиялар берилди.
Свердловск вилоятида “Эвертон” компанияси раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистондан ерёнғоқ экспортини йўлга қўйиш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ватандошларни ташкиллаштирилган тартибда ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Компанияда меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ҳамюртлар билан сайёр қабуллар ўтказилди.
Тюмень вилоятида Россиянинг йирик нефть-кимё корхоналаридан бири – “ЗапСибнефтехим” АЖ раҳбарияти билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, келгуси қўшма тадбирлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Корхонада меҳнат қилаётган 400 нафардан ортиқ ватандош билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва масалалари кўриб чиқилди.
Тюмень вилояти Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллий компаниялар билан музокараларда эса Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш, касбий кадрлар тайёрлаш ва таълим-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Тюмень шаҳрида қурилиш соҳасида 600 нафар, нефтни қайта ишлаш корхоналарида эса 1,5 минг нафардан ортиқ ишчига эҳтиёж мавжудлиги маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежлари билан Тюмень вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Қўқон, Қарши ва Бухоро шаҳарларидаги нефть-газ йўналишидаги касб-ҳунар таълим муассасалари билан ҳамкорликка қизиқиш билдирилди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири Тюмень вилояти губернатори Александр Моор билан учрашув бўлди. Унда Ўзбекистон ҳудудлари билан Тюмень вилояти ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирлар ҳажми 2026 йилда уч баробар ошгани қайд этилди. Томонлар савдо, экспорт-импорт, туризм, инвестиция ва меҳнат соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Ушбу хизмат сафари Ўзбекистоннинг Россиянинг муҳим саноат ва иқтисодий марказлари – Свердловск ва Тюмень вилоятлари билан амалий ҳамкорлигини кенгайтириш, янги экспорт йўналишларини очиш, кадрлар тайёрлаш ва меҳнат миграциясини ташкиллаштиришга қаратилган қатор ташаббусларни шакллантириш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




