5-10 октябрь кунлари Латвия тадбиркорларининг бизнес-миссияси Ўзбекистонга ташриф буюради
Октябрь 04, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 198
РИГА, 4 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Латвиядаги элчихонасида бир гуруҳ латвиялик тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги ва ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, инвестициявий имкониятлар, иқтисодиётнинг устувор йўналишлари ҳамда йирик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Латвиялик тадбиркорлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдириб, саноат, энергетика, логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Латвия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондан минерал ўғитлар етказиб бериш ҳажмини оширишдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни амалий босқичга кўчириш мақсадида Латвия ишбилармонлар делегациясининг жорий йил 5–10 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Экспортчилар уюшмаси билан ҳамкорликда бизнес-форум ҳамда B2B форматдаги учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси