Ўзбекистон ҳудудлари ва Ғарбий Қозоғистон вилояти савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Октябрь 06, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 220
Ўзбекистон ҳудудлари ва Ғарбий Қозоғистон вилояти савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ҳудудлари ва Ғарбий Қозоғистон вилояти савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

УРАЛЬСК, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхона дипломатлари Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Турегалиев билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар доирасида икки томонлама ҳамкорлик, савдо-иқтисодий, туристик ва маданий масалалар кўриб чиқилди. Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокимияти маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўзаро савдо-иқтисодий айланма 41 миллион АҚШ долларига етган.

Учрашув чоғида Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳудудидан Ўзбекистонга тегишли катта ҳажмдаги юкларнинг транзит тарзида ўтиши ҳамда уларнинг тезкор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг якунига яқин “Сирим” асосий халқаро ўтказиш пункти таъмирдан чиқиши ва юзага келган тирбандликлар камайиши кутилмоқда. Ўзбекистон экспорт юкларининг бир қисми Ғарбий Қозоғистон вилояти орқали Россиянинг Самара ва Саратов йўналишларида ҳаракатланади.

Нариман Турегалиев Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорликка қизиқиш катталиги ва вилоят тадбиркорларидан иборат делегация ташрифини амалга ошириш нияти борлигини маълум қилди.

Шунингдек ўқинг

Туризм соҳасида ҳам алоқалар жадал ривожланаётгани таъкидланди. Жорий йилда Уральск–Тошкент йўналишида ҳафтасига икки марта авиақатновлар амалга оширилгани ва яқин кунларда ушбу йўналишда рейсларни қайта йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилаётгани қайд этилди.

Икки томонлама келишувлар доирасида Уральск шаҳрида Ўзбекистон “Савдо уйи” фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ғарбий Қозоғистон вилоятида Ўзбекистон экспорт маҳсулотлари учун “Савдо уйи” ташкил этиш ва савдо-иқтисодий операциялар ҳажмини янада ошириш масаласи келишиб олинди.

Бош консулхона вакиллари Ғарбий Қозоғистонда “Атамекен” тадбиркорлар палатаси ва маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда озиқ-овқат, чорвачилик, ишлаб чиқариш ва нефт-кимё соҳаларида фаолият юритувчи йирик маҳаллий ишбилармонлар қатнашди.

Қозоғистонлик ишбилармонлар Ўзбекистон тадбиркорлари билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди. Уральск шаҳридаги “ALNAT” корхонаси вакиллари колбаса маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб чиқиш ва Ўзбекистонда фирма очиш нияти борлигини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш