Ўзбекистон ва Япония Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форум якунида қўшма лойиҳаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича «Йўл харитаси»ни шакллантирди
Январ 10, 2024. 14:56 • 3 дақ
• 149
ТОШКЕНТ, 10 январь. /«Дунё» АА/. Бугун Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козукининг ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон–Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири (ИССВ) маълумотига кўра, унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг IТ, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика ва бошқа йўналишлар соҳаларида фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козуки сўзга чиқди.
Лазиз Қудратов Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар ривожланишининг ижобий динамикасининг асосий омилларидан бири бўлган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч даражасини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистоннинг иқтисодиёт ва савдо, саноат ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги асосий ютуқларига тўхталиб ўтди. Хусусан, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали қонунчилик нормалари жорий этилганлиги, муҳандислик коммуникациялари, инфратузилма, энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси яхшиланганлиги, иқтисодиётдаги давлат иштироки қисқартирилганлиги ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлаб юборилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, инвесторлар учун имтиёзлар ва преференсиялар яратилганлиги, МДҲ мамлакатлари, ва GSP+ ҳисобига Европа Иттифоқи бозорларига божсиз экспорт қилиш имконияти мавжудлиги, минтақалараро транспорт йўлаклари диверсификация қилинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди. Япония компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон ҳукуматининг Ўзбекистон-Япония бизнес ҳамкорлиги кўламини кенгайтиришни жадаллаштириш ниятида эканлигига ишонтирилди.
Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида IТ-соҳаси, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.
Форум доирасида «Энергетика трансформацияси истиқболлари» ва «Саноатни ривожлантиришда рақамли трансформация. Япония стартаплари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш воситаси сифатида» мавзуларида панель мунозаралари ҳам бўлиб ўтди. Сессиялар давомида экспертлар, вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига япон инновациялари ва технологияларини жорий этиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. Сўзга чиққанлар фикрича бу сезиларли иқтисодий самара бериши мумкин.
Бизнес-форум давомида «G2B» ва «В2В» учрашувлари ҳам ташкил этилиб, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Форум якунида таълим, IТ-технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланди. Алоҳида «Йўл харитаси» шакллантирилди, унга кўра ҳар бир лойиҳани амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади