Logo

Британия компанияси Ўзбекистонда йирик инфратузилма объектларини лойиҳалаш бўйича маслаҳатларини таклиф қилмоқда

Август 23, 2024. 07:53 • 52 сония

155
Британия компанияси Ўзбекистонда йирик инфратузилма объектларини лойиҳалаш бўйича маслаҳатларини таклиф қилмоқда

ЛОНДОН, 23 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британия Транспорт вазирлиги ҳузуридаги "Crossrail International" компанияси бош ижрочи директор Пол Дайсон билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Британия вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар билан таништирилди.

Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг турли йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш ва йирик инфратузилма объектларини лойиҳалаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.

Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишларда ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш мақсадида келгусида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари мутахассислари билан музокаралар ўтказиш ва юртимизга ишчи сафарини уюштиришга келишиб олинди.

2017 йилда ташкил этилган "Crossrail International" компанияси бутун дунё бўйлаб мураккаб темир йўл лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича стратегик маслаҳатлар беради. Ҳозирги кунга қадар мазкур компания кўмагида 20 та давлатда умумий қиймати 520 миллиард долларга тенг бўлган 63 та йирик транспорт ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш