Деҳли шаҳрида Ўзбекистондан Ҳиндистонга экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини изчил кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Февраль 17, 2024. 15:34 • 2 дақ

177
Деҳли шаҳрида Ўзбекистондан Ҳиндистонга экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини изчил кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

ДЕҲЛИ, 18 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи "Pioneers" компаниялар гуруҳи раиси Сушил Кумар Жаин билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур гуруҳ таркибига кирувчи компаниялар автомобиль эҳтиёт қисмлари, фармацевтика маҳсулотлари, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган, кенг миқдорда импорт ва экспорт амалиёти билан шуғулланади. Шунингдек, "Haldiram’s" бренди остида ширинликлар, қуруқ мевалар ва дуккаклилар савдоси билан шуғулланувчи шаҳобчалар тармоғига эга.

Мулоқот чоғида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни натижалари, иқтисодиётнинг барча тармоқларини изчил ривожлантириш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар, бу йўналишда халқаро ҳамкорлик учун яратилган қулай муҳит,  саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларнинг экспорт салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этилди. Жумладан, Ўзбекистонда етиштирилган қуруқ мевалар, дуккаклилар, каврак табиий елимини Ҳиндистон бозорига қилинаётган импорт ҳажмини ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сушил Кумар Жаин Ўзбекистондан олиб келинаётган маҳсулотлар юқори сифати ва рақобатбардошлиги билан ажралиб туришини таъкидлаб, бу йўналишдаги алоқаларни янада фаоллаштириш учун барча асос ва имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

"Ethnic Food Products Solution Ltd." компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Уган Жҳа билан музокаралар доирасида ҳам Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини ҳинд истеъмолчиларга етказиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур компания Ҳиндистон бозорига хорижий давлатлардан кенг турдаги маҳсулотларни харид қилиш, шу мақсадда қулай ва арзон транспорт занжирларини шакллантириш бўйича бой тажрибага эга.

Уган Жҳа мамлакатимиз билан муносабатларни фаоллаштиришдан манфаатдорлик билдириб, ўзбек маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва илгари суриш бўйича амалий таклифларини билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш