Logo

Карачи шаҳрида Ўбекистон-Покистон бизнес-форуми ўтказилди

Январ 04, 2025. 07:41 • 2 дақ

169
Карачи шаҳрида Ўбекистон-Покистон бизнес-форуми ўтказилди

КАРАЧИ, 4 январь. /"Дунё" АА/. Карачи савдо-саноат палатасида (КССП) Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев иштирокида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бизнес-форумда терини қайта ишлаш, фармацевтика, туризм, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, улгуржи ва чакана савдо соҳаларида фаолият юритувчи 60 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирни палата президенти Муҳаммад Жавид Билвани кириш сўзи билан очиб, Покистон–Ўзбекистон савдо муносабатларининг жорий ҳолати, унда КССПнинг улуши тўғрисидаги маълумотлар билан бўлишди.

Элчи Алишер Тўхтаев икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни жадаллаштиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида нутқ сўзлади.

Шундан сўнг палата аъзолари учун мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган шароитлар ва имтиёзлар, сармоя киритиш учун таклиф этилаётган соҳалар бўйича батафсил тақдимот ўтказилди, инвестицион лойиҳа таклифлари, "Invest in Uzbekistan" брошюраси ва тизерлари тарқатилди.

2025 йилнинг иккинчи чорагида КССП аъзоларидан иборат делегацияни тўқимачилик, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш соҳаларида аниқ бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун Сурхондарё, Қашкадарё, Сирдарё, Бухоро, Самарканд ва Тошкент вилоятларига ташрифини ташкил этишга келишилди.

Тадбирнинг интерактив қисмида палата аъзолари билан турли жабҳалар, жумладан саноат кооперацияси ва туризм йўналишларида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича суҳбат бўлиб ўтди. Тадбиркорлар икки давлат савдо-саноат палаталари ўртасида бевосита ва тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар сонини ошириш, транзит савдони жадаллаштириш чоралари бўйича ўз мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш