Logo

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Сентябрь 23, 2024. 09:18 • 2 дақ

187
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ДЕҲЛИ, 23 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида бўлиб ўтган маданиятлар туташуви ва таълим уйғунлигига бағишланган халқаро анжуманда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тақдим қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Global Trade & Technology Council" ноҳукумат ташкилоти ва "Th. Har Narayan Singh Group of Colleges" олий таълим муассасаси ҳамкорлигида уюштирилган тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда таълим йўналишида тадбиқ этилаётган ўзгаришлар, давлат томонидан соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор натижалари ҳақида сўзлаб берилди.


Ушбу йўналишда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик кўламига алоҳида тўхталиб ўтилди.


Бугунги кунда 5 мингдан ортиқ ҳиндистонлик ёшлар Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётгани, ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам Ҳиндистонда ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, тилшунослик ва бошқа рақобатбардош йўналишларда мутахассисликка эга бўлаётгани урғуланди. Ҳиндистоннинг Амити ва Шарда университетлари, шунингдек, Ачарья ва Самбҳрам институтлар гуруҳларининг Ўзбекистондаги кампуслари муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.


Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳам кенг тарғиб қилинди. Жумладан, айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 15 га яқин авиарейслар йўлга қўйилгани, улар Тошкент–Деҳли–Тошкент ва Тошкент–Мумбай–Тошкент йўналишларида парвоз қилаётгани қайд этилди.


Уттар-Прадеш штатининг Праяграж ва Варанаси шаҳарларига сафар доирасида ишбилармон доиралар вакиллари билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш, янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, тадбиркорлар делегациялари алмашиш, қўшма бизнес форумлар ўтказиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди, мамлакатимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳияти тақдим қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш