Ўзбекистон ва Сиэтл ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Октябрь 08, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 63
СИЭТЛ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Ахрор Бурханов Сиэтл шаҳар ҳокимлигининг Иқтисодий ривожланиш департаменти (OED) директори Бето Ярсе билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Сиэтл ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда профессионал тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Сиэтл минтақаси АҚШнинг технологиялар, инновациялар, аэрокосмик саноат ва халқаро савдо соҳаларидаги муҳим иқтисодий марказларидан биридир. “Amazon”, “Microsoft”, “Boeing”, “Costco” ва “Starbucks” каби йирик компаниялар фаолияти минтақанинг глобал иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамламоқда.
“Oxford Economics” баҳосига кўра, Сиэтл агломерациясининг 2025 йилдаги ялпи ички маҳсулоти 632 миллиард АҚШ доллари, аҳоли жон бошига ҳисобланган кўрсаткич эса 152 минг долларни ташкил этган.
“Oxford Economics” томонидан эълон қилинган “Global Cities Index 2026” рейтингида Сиэтл дунёнинг 1 000 шаҳри орасида Нью-Йорк, Лондон ва Париждан кейин 4-ўринни эгаллади. Шаҳарларни иқтисодиёт, инсон капитали, ҳаёт сифати, атроф-муҳит ва бошқарув мезонлари бўйича баҳоловчи ушбу рейтинг Сиэтлнинг халқаро миқёсдаги салоҳиятини кўрсатади.
Учрашувда Бето Ярсе Сиэтл иқтисодиётида йирик корпорациялар билан бир қаторда, ўрта ҳажмдаги ва жадал ривожланаётган компаниялар ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этди. Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши мумкин бўлган технологиялар, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш, тоза энергетика, аэрокосмик саноат ва логистика соҳаларидаги компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Сиэтлда Ўзбекистон–Сиэтл бизнес форумини ташкил этиш таклифига алоҳида эътибор қаратилди. Форум доирасида мамлакатимизнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини тақдим этиш, икки томон тадбиркорлари ўртасида B2B форматида учрашувлар ўтказиш ҳамда аниқ савдо ва инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш назарда тутилмоқда. OED томонидан тегишли компанияларни форумга жалб этишда кўмаклашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг Сиэтлга режалаштирилаётган ташрифига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Ташриф давомида OED, “Greater Seattle Partners”, шаҳар идоралари ва бизнес вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш таклиф этилди.
Тошкент ва Сиэтл ўртасида иқтисодий ривожланиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, стартап экотизимини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, транспорт, шаҳар инфратузилмаси ва рақамли технологиялар йўналишларида тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон компаниялари ва стартапларини Сиэтлнинг инновацион муҳитига олиб кириш, уларни маҳаллий акселераторлар, инкубаторлар ва инвесторлар билан боғлашга ҳам эътибор қаратилди. Шу мақсадда Тошкент–Сиэтл тадбиркорлик тажриба алмашинуви дастурини ишлаб чиқиш имконияти кўриб чиқилди.
Мулоқотда логистика ва юк ташиш алоқаларини ривожлантириш, жумладан, ҳаво орқали юк ташувларини йўлга қўйиш, маҳсулотларни икки йўналишда етказиб бериш ҳамда авиакомпаниялар ва логистика операторлари билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси