Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди
Октябрь 08, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 124
ИСЛОМОБОД, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Бангладеш ва Покистон тўқимачилик саноатида кўп йиллик тажрибага эга “SB Sourcing” компанияси бош директори Меҳди Маҳбуб билан онлайн музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини халқаро брендларнинг глобал таъминот занжирларига интеграция қилиш, тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ва хорижий тажрибани маҳаллий ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳди Маҳбуб Ўзбекистон тўқимачилик саноати билан яқин таниш эканини таъкидлаб, мамлакатнинг сифатли хомашё базаси, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, қулай географик жойлашуви ва давлат кўмаги маҳсулотлар экспортини ошириш учун катта имконият яратишини қайд этди.
Томонлар Бангладешнинг йирик тўқимачилик ва тикувчилик компанияларини Ўзбекистонга инвестиция киритишга жалб этиш, хорижий мутахассислар иштирокида маҳаллий кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бангладеш билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети негизида ташкил этилаётган “Center of Excellence” марказини такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Марказда маҳаллий мутахассисларни ишлаб чиқаришни бошқариш, замонавий технологиялар, сифат назорати, дизайн, маркетинг ва экспорт йўналишларида тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Музокараларда бангладешлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга бизнес-миссияларини ташкил этиш ҳамда Бангладешдан Покистон орқали мамлакатимизга қулай авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида илгари сурилган таклифларни Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва ташкилотлари билан муҳокама қилиш бўйича амалий музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси