Ўзбекистон ҳудудлари ва Япониянинг Фукуока префектураси ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилади
Март 18, 2025. 07:10 • 3 дақ
• 130
ФУКУОКА, 17 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ташриф билан Япониянинг Фукуока префектурасида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташриф Ўзбекистон Япония ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, мамлакатимизнинг иқтисодий дипломатия сиёсатини фаол илгари суриш мақсадида амалга оширилди.
Сафар давомида Фукуока Савдо-саноат палатаси раиси ва "Nishi-Nippon City Bank" банки президенти Хиромичи Танигава, "Kyuden International Corporation" президенти Такаши Мицуёши, "Aso Trading Co.Ltd" компанияси президенти Масахиро Асо, "Hankyu Travel Co. Ltd" бош ижрочи директори Ёичи Томура ҳамда Ўзбекистоннинг Фукуока префектурасидаги фахрий консули Тецуро Ямасака билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, "Ўзбекистоннинг туризм ва инвестициявий салоҳияти" мавзусида бизнес-форум ташкил қилинди.
Музокаралар давомида япон томони вакилларига сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётида амалга оширилган янгиланишларнинг самарали натижалари, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Фукуока Савдо-саноат палатаси раиси ва "Nishi-Nippon City Bank" банки президенти Хиромичи Танигава сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳолади. Ушбу ислоҳотлар натижасида япон ишбилармон доиралар вакилларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани қайд этилди.
Фукуока Савдо-саноат палатаси раиси Ўзбекистоннинг муҳим стратегик жойлашуви ҳамда Марказий Осиё минтақасининг улкан иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз ва префектура ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирилди.
"Kyuden International Corporation" президенти Такаши Мицуёши билан мулоқотда ушбу компания иштирок этаётган Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 61,9 гектар майдонида қуввати 1600 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш ҳолати тўғрисида маълумот берилди.
Компания томонидан яқинда икки нафар етакчи япон муҳандислари лойиҳада иштирок этиш учун Ўзбекистонга юборилгани ва лойиҳа жадал суръатларда давом этаётгани таъкидланди. Шунингдек, ушбу йирик лойиҳа 2026 йил июнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.
"Ушбу муваффақиятли лойиҳа натижасида "Kyuden International Corporation" компанияси Ўзбекистонда муқобил энергияларни ишлаб чиқариш, энергия сақлаш тизимлари барпо қилиш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш имконияти ўрганиб чиқилмоқда", деди у.
"Aso Trading Co.Ltd" президенти Масахиро Асо билан учрашувда Фукуока префектурасига ўзбек миллий маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Масахиро Асо 2023 йилнинг сентябрь ойида "Япония халқаро ёшлар палатаси" (JCI) раиси сифатида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини илиқлик билан хотирлаб, унинг доирасида ўтказилган учрашувлар жуда самарали бўлганини таъкидлади. "Префектурада мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда қуритилган мевалар ҳамда дуккакли маҳсулотларни экспорт қилиш масаласи ўрганиб чиқяпмиз", деди у.
"Hankyu Travel Co. Ltd" сайёҳлик компанияси бош ижрочи директори Ёичи Томура билан кечган суҳбатда Ўзбекистонга Фукуока префектурасидан сайёҳлар оқимини ошириш, янги туризм контентларини ишлаб чиқиш ҳамда Кюшю ҳудудидан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Япон томони қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари жаҳон туризм масканлари орасида ўз ўрнига эгалигини билдирди. Сўнгги йилларда япон сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.
"Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган жадал ислоҳотларни ва эришилган ютуқларни эътироф этиш баробарида, биз ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрмиз", деди Ёичи Томура.
Ишчи ташриф давомида Ўзбекистоннинг Хирошима, Фукуока ва Окаяма префектураларидаги фахрий консули, "Balcom Group" компанияси президенти Тецуро Ямасака билан ҳам учрашув ўтказилди.
Унда фахрий консул билан биргаликда 2025 йил давомида Ўзбекистонга хорижий инвестициялари оқимини ошириш, ўзбек маҳаллий маҳсулотларини Япония бозорига кенг тарғиб қилиш ва мамлакатимизга япон сайёҳлари сонини кўпайтириш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси