Ўзбекистон ҳудудлари ва Япониянинг Оита префектураси ўртасидаги шериклик янги босқичга кўтарилади
Апрель 21, 2025. 20:00 • 2 дақ
• 107
ОИТА, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси делегацияси ташриф билан ушбу мамлакатнинг Оита префектурасига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар Япония ҳудудлари билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шерикликнинг янги салоҳиятли йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф давомида Оита префектураси мутасаддилари билан бир қатор музокаралар ўтказилди, шунингдек, Оита шаҳрида "Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳияти" мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Оита префектураси Губернатори Киичиро Сато билан кечган мулоқот чоғида мамлакатимиз ва Япония ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд салоҳиятни самарали ишга солиш ва истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Оита префектураси ишбилармон доиралари билан инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, миллий товарлар экспорти ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида тажриба алмашиш, туризм салоҳиятини ўзаро тарғиб қилиш ҳамда янги сайёҳлик йўналишларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.
Оита шаҳри мэри Шиня Адачи билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳудудлараро иқтисодий, маданий, туризм, таълим ва қонуний меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Оита шаҳрининг геотермал туризм салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, геотермал туризм инфратузилмасини барпо қилиш ҳамда уни бошқариш йўналишида икки томонлама алоқалар йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Оита Савдо-саноат палатаси раиси, "ASTEM, Inc." компанияси президенти Ясуаки Ёшимура билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Оита префектураси ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Оита Савдо-саноат палатаси раиси Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит, юқори иқтисодий салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда, Оита префектураси компанияларининг мамлакатимизда инвестициявий фаолияти ҳамда ҳамкорлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Томонлар шу йилнинг 10-12 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида Оита компаниялари вакилларининг иштирокини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришди.
Ўзбекистон дипломатлари сафар давомида, шунингдек, "Ritsumeikan Asia Pacific University" вице-президенти Ёшифуми Окамура билан музокара ўтказди.
Ёшифуми Окамура ҳозирги кунда мазкур университетда 30 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олаётганини ва улар ўзларининг интизоми, тиришқоқлиги ҳамда фаоллиги билан бошқа хорижий талабалардан ажралиб туришини таъкидлади.
Учрашув давомида икки мамлакат университетлари ўртасида академик алоқаларни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси