Москвадан муносабат: Тошкентдаги олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон–Тожикистон стратегик шериклиги янада мустаҳкамланди
Март 31, 2026. 12:32 • 2 дақ
• 94
МОСКВА, 31 март. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, Жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсатини таҳлил қилиш маркази директори, Россия халқаро ишлар кенгаши эксперти Александр Воробьёв “Дунё” АА мухбирига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 26-27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида фикр билдирди:
– Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар натижаларини икки мамлакат муносабатларида ўта муҳим деб баҳолаш мумкин, чунки ташриф давлат ташрифи мақомига эга эди. Бир томондан, Президент Эмомали Раҳмоннинг ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги вақтда эришилган чуқур характерини таъкидлади. Томонлар, асосан, Тошкент ва шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаол позицияси туфайли кўп нарсага эришди.
Бошқа томондан, ушбу ташриф икки томонлама алоқаларни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштиришга янги ва жиддий туртки берди, гарчи томонлар сиёсий мулоқот ва хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни унутмаган бўлсалар-да.
Биринчидан, икки томонлама муносабатларнинг янада институционаллашуви юз берди – икки мамлакат Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги катта қадамдир.
Иккинчидан, озиқ-овқат, қурилиш, тўқимачилик ва чарм саноатида ўнга яқин янги иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга киришилди. “Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини ташкил этишни жадаллаштириш, товарларни сертификатлаш ва рухсатномалар алмашишнинг рақамли тизимларини жорий этиш, чегара ўтиш жойларини модернизация қилиш тўғрисидаги келишувлар савдо, саноат кооперацияси, икки мамлакат ишбилармонлари ва фуқароларининг ўзаро ҳамкорлигини осонлаштириши керак.
26–27 март кунлари эришилган қарорларнинг самараси, албатта, дарҳол бўлмайди. Лойиҳалар узоқ муддатли характерга эга. Бироқ, истиқболда бу ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, ҳам уларнинг иқтисодиёти ўсишига, янги иш ўринлари яратилишига туртки беради.
Умуман олганда, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни мустаҳкамлайди. Яъни, ҳозирги мураккаб геосиёсий даврда Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларни янада изчил ривожлантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси