Ўзбекистоннинг "Дўстлик" ва "Эски Туятортар" каналлари Жаҳон ирригация мероси объекти сифатида тан олинди
Сентябрь 13, 2025. 11:02 • 2 дақ
• 202
КУАЛА-ЛУМПУР, 13 сентябрь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 7-10 сентябрь кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида 4-Бутунжаҳон ирригация форуми ҳамда Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси 76-Халқаро ижроия кенгаши мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Форум халқаро сув хўжалиги соҳасидаги энг йирик тадбирлардан бири бўлиб, 70 дан ортиқ дунё давлатлари ҳукуматлари расмийлари, етакчи мутахассислар, 120 га яқин халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчилик вакилларини бирлаштирди.
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги делегацияси иштирок этган ушбу тадбирда ирригациянинг глобал аҳамияти, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳамда сув ресурсларини тежаш ва трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида ташкил этилган замонавий сув технологиялари кўргазмасида қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш ва рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш каби йўналишларда дунёнинг етакчи давлатлари ва хусусий сектор вакиллари билан тажриба алмашилди.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси 76-Халқаро ижроия кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистоннинг "Дўстлик" ва "Эски Туятортар" каналлари Жаҳон ирригация мероси объекти сифатида эътироф этилди ва ушбу номинациялар бўйича "WHIS Award-2025" сертификатлари топширилди.
Комиссия Бош котиби Кумар Гупта бу каналлар нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсида ҳам қимматли ирригация мероси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди ва Ўзбекистон томонининг ушбу суғориш объектларини сақлаш билан бирга қаторда замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлади.
Шу билан бирга, иштирокчиларга мамлакатимизда сув ресурслари бошқаришда эришилаётган ютуқлар ва режадаги лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, 2 миллион гектар суғориладиган ерда сув тежамкор технологиялар жорий этилгани ва йиллик 2 миллиард м³ сув иқтисод қилингани хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди