Америкалик собиқ дипломотлар очган марказ Ўзбекистон маданияти тарғиботчисига айланмоқда

Июль 12, 2026. 14:30 • 2 дақ

180
Америкалик собиқ дипломотлар очган марказ Ўзбекистон маданияти тарғиботчисига айланмоқда
Америкалик собиқ дипломотлар очган марказ Ўзбекистон маданияти тарғиботчисига айланмоқда
Америкалик собиқ дипломотлар очган марказ Ўзбекистон маданияти тарғиботчисига айланмоқда

ВАШИНГТОН, 12 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Вашингтон штатидаги бош консули Аҳрор Бурҳонов Ланглей шаҳрида жойлашган “Music for the Eyes” (“Кўзлар учун мусиқа”) маданий савдо уйи асосчиси, АҚШ Ташқи хизмати фахрий вакили Фред Лундал билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Фред ва унинг турмуш ўртоғи Шарон Лундал 1997–2001 йилларда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида фаолият юритган. Уларнинг Ўзбекистонда, умуман, Марказий Осиёда ўтказган йиллари шунчаки дипломатик хизмат эмас, балки минтақа халқлари билан мустаҳкам дўстлик ришталари, бой маданий меросга бўлган чуқур ҳурмат ва унутилмас хотираларга айланган. Айнан шу туйғулар асосида улар Ланглей шаҳрида “Music for the Eyes” номли ўзига хос маданият масканини барпо этган.

Бугунги кунда ушбу маскан минглаб километр узоқда бўлса-да, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон руҳини ўзида мужассам этган ноёб маскан ҳисобланади. Бу ерда ўзбек миллий чопонлари, сузаналар, икат матолари, миллий мусиқа асбоблари, тарихий китоблар, қўл меҳнати намуналари ҳамда Ўзбекистон ҳаётини акс эттирувчи фотосуратлар намойиш этилган. Ҳар бир экспонат ўз тарихи ва ҳикоясига эга бўлиб, ташриф буюрувчиларда Ўзбекистон маданияти ва халқига нисбатан самимий қизиқиш уйғотади.

Учрашув давомида Фред Лундал Ўзбекистондаги фаолияти, Марказий Осиё билан боғлиқ ёрқин хотиралари, орттирган дўстлари ва минтақанинг бой маданияти ҳақидаги илиқ таассуротлари билан ўртоқлашди. Таъкидланганидек, ҳақиқий дипломатия давлатлар ўртасидаги муносабатларгина эмас, балки инсонлар қалбини яқинлаштирадиган дўстлик ва ўзаро ҳурматдир.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон маданиятини АҚШнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида янада кенг тарғиб қилиш, маҳаллий жамоатчилик билан маданий алмашинувларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ушбу ҳудудда фаол танитиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув давомида америкалик собиқ дипломатлар Ўзбекистон билан боғлиқ бой ҳаётий хотиралари ва дипломатик фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм яратиш, Вашингтон штатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кенгроқ тарғиб этиш, шунингдек, Фред Лундалнинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Мазкур ташаббуслар Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини Америка жамоатчилигига янада яқинроқ танитиш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш