“Улуғ Амир ва Дoнна Мария” бадиий фильми халқаро кинофестивалда совриндор бўлди

Июль 20, 2026. 17:30 • 2 дақ

182
“Улуғ Амир ва Дoнна Мария” бадиий фильми халқаро кинофестивалда совриндор бўлди

ЧЎЛПОН-ОТА, 20 июль. /“Дунё” АА/. 16–19 июль кунлари Чўлпон-ота шаҳридаги “Рух Ордо” маданият марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги хабар беришича, Иссиқкўл соҳилида бўлиб ўтган ушбу кинофестиваль ШҲТга аъзо саккизта давлатнинг кинематография соҳаси вакиллари — режиссёрлар, актёрлар, сценаристлар, продюсерлар ва кинокритикларни бирлаштирди.

Тадбир доирасида танлов фильмлари намойиши, кинематография соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган профессионал мунозаралар ва учрашувлар бўлиб ўтди.

Танлов дастури якунларига кўра, халқаро ҳайъат аъзолари асосий номинациялар бўйича ғолибларни аниқлади:

Энг яхши режиссёрлик иши — Лань Хунчунь (Хитой), “Қадрдоним” фильми;

Энг яхши сценарий — Азат Ҳакимов (Қозоғистон), “Кузги шабада” фильми;

Энг яхши операторлик иши — Сергей Астахов (Россия), “Ладога фаришталари” фильми;

Энг яхши монтаж — Ольга Решетникова (Беларусь), “Иккимизга бир ҳаёт” фильми;

Энг яхши мусиқа — Қосим Муинзода (Ўзбекистон), “Улуғ Амир ва Донна Мария” фильми;

Энг яхши эркак роли — “Қармоқдаги балиқча” (Тожикистон ва Эрон ҳамкорлигидаги фильм) фильми актёри;

Энг яхши аёл роли — Шабнам Горбани (Эрон), “Ўйинчи” фильми.

Олий мукофот — олтин турна шаклидаги муаллифлик ҳайкалчасини “Қирғизфильм” киностудияси томонидан суратга олинган режиссёр Актан Арим Кубатнинг “Қора, қизил, сариқ” фильми қўлга киритди.

Бош мукофотни топшириш олдидан Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев ШҲТга аъзо давлатларнинг биринчи Халқаро кинофестивалини ўтказиш маданий ҳамкорлик учун муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.

“Кинофестивалда биз ёрқин ва мазмунан бой фильмларни кўрдик, янги номлар билан танишдик, тажриба алмашдик ҳамда кино тили чегара билмаслигига яна бир бор амин бўлдик. Кино турли маданиятлар, анъаналар ва дунёқарашга эга инсонларни бирлаштириб, бир-бирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради”, — деди вазир.

Мирбек Мамбеталиев фестивалнинг иштирокчи давлатларига, халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоларига, режиссёрлар, продюсерлар, актёрлар ва ташкилотчиларга тадбирни ўтказишга қўшган ҳиссалари учун миннатдорлик билдирди.

Гран-при соҳиби Актан Арим Кубат замонавий кинофестиваллар нафақат мукофот топшириш майдони, балки янги халқаро лойиҳаларни яратиш майдонига айланиши кераклигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш