Logo

Ўзбекистонлик етакчи санъатшунос ва ижодкорнинг шахсий кўргазмаси Лондонда ташкил этилди

Сентябрь 21, 2025. 13:38 • 52 сония

92
Ўзбекистонлик етакчи санъатшунос ва ижодкорнинг шахсий кўргазмаси Лондонда ташкил этилди

ЛОНДОН, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Буюк Британия пойтахтида ўзбекистонлик таниқли ижодкор Азиза Қодирийнинг ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Лондон шаҳридаги машҳур "Пикадилли" майдонида тақдим этилган кўргазмада Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари, пойтахтимиздаги метро бекатлари, илм-фан ва тўқимачилик йўналишидаги асарлар намойиш этилди.

Кўргазма "Circa Art" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Маданий тадбир Лондон аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Азиза Қодирий санъатнинг рассомчилик, ҳунармандчилик, соҳаларида, шунингдек экспериментал костюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, спектакллар, инсталляциялар яратиш йўналишларида самарали ижод қилиб келади.

Ижодкор 2017 йилда Пекиндаги Цингҳуа университетининг дизайн ва мода йўналишини, 2020 йилда эса Лондондаги Марказий Сент-Мартинс университетининг магистратура босқичини тамомлаган.

Ўзининг профессионал фаолияти давомида у бутун Евроосиё қитъасида халқаро миқёсда театр, жонли ижролар, фильмлар ва HR лойиҳалари учун махсус дизайнларни яратган. Шунингдек, у бир қатор ижтимоий йўналтирилган лойиҳалар бўйича маҳорат дарсларини ўтказиб келяпти.

Эътиборли томони Азиза Қодирий жорий йилги Венеция биенналесида Ўзбекистон Миллий павильонининг бош рассоми этиб тайинланган эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш