Бугун Хива шаҳрида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали бошланади
Апрель 26, 2025. 13:56 • 2 дақ
• 175
ХИВА, 26 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун Хива шаҳрида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали бошланади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилдан буён Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиб келинмоқда.
Фестиваль илк маротаба Сурхондарё вилоятида ўтказилган, шунингдек, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида, 2023 йилда эса Сирдарё вилоятида ташкил этилган.
26-28 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтадиган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ЮНЕСКО ва AYSESKO шафелигида уюштирилмоқда.
Фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан, жумладан, Ўмон, Габон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Кувайт, Малайзия, Мавритания, Миср, Марокаш, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Венгрия, Озарбайжон, Мўғулистон, Сербия, Беларусь, Франция, Афғонистон, Япония, Буюк Британия, Съерра-Леоне, Швеция, Иордания, Швецария, Судан, Туркия, Болгария, Германия, Саудия Арабистони, Тунис, Словакия, Филиппин, Қатар, Покистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин бахшилар иштирок этиши кутилмоқда.
Фестиваль доирасида бугун "II Туркий дунё маданияти форуми" ва "Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.
Мазкур анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илм масканларидан ташриф буюрган таниқли фольклоршунос олимлар бахшичилик санъати тарихи ва жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида маъруза қилдилар. Шунингдек, анжуманда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фольклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага доир илмий-назарий мақолалари билан фаол иштирок этмоқда.
Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинади.
Конференция доирасида ташкилий қўмита томонидан яратилган "Бахши айтимлари" тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтади. "Бахши айтимлари" тўплами 100 дона нашр қилинган. Унда халқ достонлари ва терминларини қайси вақтда ижро этилиши, унинг инсон руҳиятига ижобий таъсири тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди