Ҳиндистонда ўзбекистонлик ёш ижодкорлар тўплами инглиз тилида чоп этилди
Март 24, 2025. 07:07 • 2 дақ
• 67
ДЕҲЛИ, 24 март. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг етакчи олий билим юртларидан бири – Амити университетида бўлиб ўтган X Глобал етакчилик тадқиқот конференцияси (Global Leadership Research Conference - GLRC) доирасида ўзбекистонлик ёш ижодкорларнинг инглиз тилидаги китоби тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон маданий манзараси: Ўзбекистоннинг истеъдодли хотин-қизлари қаламига мансуб ҳикоялар, шеърлар ва мақолалар" тўплами Зульфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, "Shine" қизлар академияси асосчиси Шоҳида Юсупова ва ҳиндистонлик таниқли муҳаррир Прачи Гупта ташаббуси билан "Galleon" нашриёти томонидан чоп этилди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев, Амити университети проректори, Амити бизнес мактаби директори Санжив Бансал ва бошқалар кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилган янги тўпламнинг сўнгги йилларда изчил ривож топаётган икки томонлама ҳамкорликдаги аҳамияти, академик соҳадаги шериклик алоқаларининг истиқболлари ҳақида сўз юритди.
– Мазкур тўпламдан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан, турли ёшдаги ва турли йўналишда фаолият юритаётган истеъдодли қизларнинг адабиёт, санъат, маданият, жамият ва шахсий ривожланиш мавзуларида ёзган ижодий ишлари жой олди, – деди Шоҳида Юсупова. – Бу ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш ва ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб умид қиламиз.
Янги китоб шеърият, наср, мақола ва эссе каби жанрларни ўз ичига олган бўлиб, у орқали ўзбек хотин-қизларининг ички дунёси, интилишлари, орзулари ва жамиятга қўшаётган ҳиссаси акс эттирилган.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, уларнинг илмий, ижодий ва бошқа йўналишлардаги серқирра фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратди. Янги чоп этилган тўплам Ҳиндистон кенг жамоатчилик вакилларига ўзбекистонлик ёш ижодкор қизлар асарлари билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим этгани урғуланди.
– Биз ҳамкорликда ушбу тўпламни чоп этишдан мамнунмиз, - деди Прачи Гупта. – Ўзбекистонлик дўстларимиз билан янги лойиҳалар устидаги ишларни давом эттириш ниятидамиз.
– Ўзбекистон билан 2019 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди Санжив Бансал. – Тошкентда университетимизнинг хориждаги энг яхши кампусларидан бири жойлашган. Бугун ташкил этилган тақдимот маросими каби тадбирлар икки томонлама алоқаларимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади. Биз истиқболда ўзаро муносабатларимиз янада мустаҳкамланишига ишонамиз.
"Shine" қизлар академияси халқаро алоқаларни фаол ривожлантирмоқда. Хусусан, бугунги кунгача АҚШ, Хитой, Туркия, Озарбайжон ва Миср каби мамлакатларнинг етакчи университетлари билан маданий алмашинув лойиҳалари амалга оширилиб, халқаро антологиялар нашр этиш орқали Ўзбекистон ва ўзбек хотин-қизлари ижодий салоҳияти тарғиб қилинмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди