Logo

Москвада биринчи ўзбек учувчиси ҳаётига бағишланган "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Май 20, 2025. 09:45 • 2 дақ

707
Москвада биринчи ўзбек учувчиси ҳаётига бағишланган "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди

МОСКВА, 20 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Москвадаги машҳур "Художественный" кинотеатрида "Uzbekistan Airports" ташаббуси билан суратга олинган "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" бадиий фильмининг халқаро премьераси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Таъкидлаш жоизки, "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" фильмининг халқаро премьераси ҳар йили дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан мутахассислар учрашадиган Россиянинг қарийб 20 йил давомида энг йирик масканларидан бири бўлиб келган нуфузли XIX "Маданиятлар мулоқоти" халқаро медиа форумининг очилиш қисмининг муҳим тадбирига айланди.

30 та фильм орасида "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" фильми медиа- форумнинг энг яхши киноси сифатида махсус дипломга сазовор бўлди.

Фильм премьерасида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, "Москино" раҳбарияти ва медиа соҳанинг етакчи вакиллари иштирок этишди.

"Фильм премьераси мана шундай нуфузли форум доирасида бўлиб ўтгани мен учун катта шарафдир. Бугун ҳам худди шу саҳнада 1926 йилда Сергей Эйзенштейн барча даврларнинг энг яхши фильмларидан бири бўлмиш "Потемкин жанговар кемаси"ни тақдим этгани каби, мен ҳам "Тайметов. Ғалаба хабарчиси" фильмини тақдим этдим, – деди ушбу картина режиссёри Элдор Йўлдошев. – Қайд этиш жоизки, ушбу воқеа, шунингдек, мазкур кинотеатрда cўнгги ўн йилликлардаги биринчи Ўзбекистон кино усталари томонидан суратга олинган фильм премьераси бўлди. Авваллари ҳам намойишлар бўлган, лекин премьералар бўлмаган, масалан, ўтган йили мен ушбу кинотеатрнинг кичик залларидан бирида "Назокат" фильмининг тақдимотини ўтказган эдим. Бугун москвалик кино ихлосмандлари зални тўлдириб ўтиргани ва фильм охирида олқишлар билан кутиб олгани жуда ёқимли бўлди".

"Фильм шу қадар динамик бўлиб чиқдики, у бир нафасда ўтиб кетгандек туюлди. Биз Элдор Йўлдошевни муваффақиятли продюсер сифатида биламиз, лекин режиссёр сифатида у ўзини бутунлай бошқа томондан очиб берди", – деди КиноПоиск" онлайн-кинотеатри бош муҳаррири Виктория Беляева.

"Художественный" кинотеатри дунёдаги энг қадимий ва бир асрлик тарихга эга заллардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ушбу маскан жаҳон кино ижодкорлари учун ҳам энг нуфузли маскандир. 1926 йилда бу ерда "Жангчи Потемкин" картинасининг, 1931 йилда эса "Ҳаётга йўл" биринчи овозли бадиий фильмининг премьералари бўлиб ўтди. "Ҳаётга йўл" фильми Венецияда бўлиб ўтган 1-Халқаро кинофестивалда ғолиб бўлган. 1936 йилда эса мазкур киносаройда "Груня Корнакова" биринчи рангли фильми томошабинлар эътиборига тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш