Logo

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрнига Венгрия оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Май 21, 2025. 16:00 • 2 дақ

57
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрнига Венгрия оммавий ахборот воситалари нигоҳида

БУДАПЕШТ, 21 май. /"Дунё" АА/. Венгриянинг етакчи "Мандинер" электрон нашрида "Туркий давлатлар ва иқтисодиёт: ҳамкорликда 45 миллиард доллар ва бу ҳали бошланиши" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Туркий давлатлар ташкилоти 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқаётгани қайд этилган. Евроосиё ҳамкорлигининг янги даври мультимодал транспорт йўлаклари, инновацион инвестициялар ва умумий рақамли инфратузилма орқали бошланиши мумкин. Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги норасмий саммити 2025 йил май ойида Венгрияда бўлиб ўтади. Ушбу тадбир ТДТнинг глобал роли ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки халқаро ҳамжамият эътиборини тортади.

"Тошкент Туркий давлатлар ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутади, – дейилган материалда. – Сўнгги йилларда Ўзбекистон тузилмага аъзо барча давлатлар билан муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқди. Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар билан ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги фаол ўрни ТДТ фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди".

Мақолада расмий Тошкент ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 80 га яқин аниқ таклифларни илгари сургани алоҳида таъкидланган. 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммити кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

"Мандинер" электрон нашри, шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири сифатида ТДТнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун стратегик аҳамиятга эга эканлигини урғулаган.

Муаллиф таъкидига кўра, Ўзбекистон Президентининг ташкилот таркибида "Янги иқтисодий имкониятлар маконини" яратиш ташаббуси ташкилот мақсадларига тўлиқ мос келади. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ТАC доирасида мультимодал транспорт йўналишлари ва транспорт хизматларини ривожлантириш бўйича ҳам қатор ташаббуслар билан чиқди.

"Ўзбекистон Президентининг ТДТ доирасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган бундай ташаббуслари туркий дунёда муштарак муаммолар ва имкониятларни ҳал қилишда узоқни кўзлаб ёндашувни акс эттиради", – деб ёзилган "Мандинер" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш