Қозоғистон ОАВ: 2021 – 2024 йилларда дунёнинг 40 та давлатида "Ўзбекистон маданияти кунлари" тадбирлари ташкил этилди
Ноябрь 06, 2024. 15:21 • 2 дақ
• 193
ОСТОНА, 6 ноябрь. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг "Инфозакон" интернет нашрида "Маданий дипломатия дилларни дилларга боғлайди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков қаламига мансуб мазкур мақолада Ўзбекистоннинг халқаро дипломатия ва унинг узвий қисми бўлмиш маданий дипломатия соҳасида эришилаётган ютуқлари батафсил таҳлил қилинган.
Муаллиф маданий дипломатия бир муҳит ва маконда истиқомат қиладиган миллат ва элатларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши, урф-одатларини ҳурмат қилиши, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида санъат асарлари ва бошқа маданий компонентлар алмашинувини ўз ичига қамраб олишини таъкидлаган.
"Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва прагматик хусусиятга эга ташқи сиёсатининг сезиларли фаоллашуви шароитида мамлакатимиз ўзига хос маданий дипломатиясини амалга ошириш учун тарихан ноёб салоҳиятга эга", – деб ёзган у.
Мамлакат раҳбари томонидан хорижий давлатларга амалга оширилаётган ташрифлар доирасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида имзоланган ҳужжатларга асосан ҳамкор давлатларда "Ўзбекистон маданияти кунлари" ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 2017 – 2020 йилларда дунёнинг 20 га яқин давлатида "Ўзбекистон маданияти кунлари" тадбирлари ташкил этилган бўлса, 2021 – 2024 йилларда бу кўрсаткич 40 тага етди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ЮНЕСКО, МДҲ, ШҲТ, ТУРКСОЙ, АЙСЕСКО каби турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон маданият, фан ва таълим соҳасида ҳамкорликка оид юздан ортиқ шартномаларни ратификация қилган.
Ўзбекистон маданият вазири юртимиз маданий дипломатияси концепциясида халқимизнинг жаҳонга машҳур тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, Ўзбекистоннинг қадимий меъморчилиги ва ўзига хос анъаналари муҳим ўрин тутишини билдирган. Бунга илм-фан, маданият ва санъат, спорт, туризм, таълим соҳаларида эришилаётган ютуқларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Мақола хулосасида, "Халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни шакллантириш, ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишда маданий дипломатиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир", – деб таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси