Logo

Қозоғистон ОАВ: Самарқандда Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилади

Сентябрь 13, 2024. 17:08 • 2 дақ

108
Қозоғистон ОАВ: Самарқандда Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилади

ОСТОНА, 13 сентябрь. /"Дунё" АА/. Қозоғистонинг оммабоп "Инфозакон" электрон нашрида "25-26 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда сентябрь ойи охирида Самарқандда халқаро тараққиёт оламидаги муҳим воқеа – Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарув кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтиши маълум қилинган. Марказий Осиёда илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир иштирокчиларга барқарор ривожланиш, сармоявий лойиҳалар ва стратегик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун ноёб имкониятлар яратади.

"Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йирик молия ташкилотлардан бири бўлиб, мижозлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Унинг Марказий Осиё ва Кавказдаги инвестиция портфелига қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ лойиҳалар киради. 25-26 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Йиллик йиғилиш инфратузилмага сармоя киритиш соҳасидаги асосий муаммолар ва истиқболларни муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланиши кутилмоқда", – деб ёзилган мақолада.

Материалда, шунингдек, форум иштирокчи мамлакатлар делегатлари, етакчи бизнес арбоблари, халқаро банклар ва фуқаролик жамияти вакилларини бир жойга тўплаши таъкидланган. Таклиф этилганлар орасида ОИИБ президенти Цзинь Лицюнь, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва Ислом тараққиёт банки каби ташкилотлар вакиллари бор.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш