"An Nahar News" газетаси: Янги Ўзбекистонда истеъдодли ёш шоирлар ва адибларнинг эркин ижод қилиши учун барча шароитлар яратилган
Ноябрь 10, 2024. 13:16 • 2 дақ
• 139
АР-РИЁЗ, 10 ноябрь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "An Nahar News " газетасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг "Ўзбекистон ижодкор ёшларни қандай қўллаб-қувватлайди" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Янги Ўзбекистонда адабиётни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишини ташкил этади. Зеро, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзликни англаш, эзгу қадриятларни сақлаш ва бойитиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда сўз санъатининг аҳамияти беқиёс", – деб ёзган муаллиф.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ёш ижодкорларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида ўтган йилларда йўлга қўйилган қатор самарали лойиҳалар билан чекланиб қолмасдан, давр тақозо этаётган янги-янги имкониятлар ишга солинмоқда. Истеъдодли ва истиқболли ёш шоирлар, адибларнинг эркин ижод қилишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
"Хусусан, кейинги йилларда эътиборсизлик оқибатида тўхтаб қолган республика ёш ижодкорларининг Зомин семинар-кенгаши 2017 йилда давлат раҳбарининг ташаббуси билан қайта тикланганди. Ўшандан буён ушбу семинар-кенгашнинг вилоят ва республика босқичлари мунтазам ўтказиб келинади", – деб таъкидланган нашрда.
Мақолада Ўзбекистонда бошқа миллатларга мансуб ёш адибларнинг асарларини эълон қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида урғуланган.
"Жумладан, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, тожик, рус тилларида ижод қиладиган ёш истеъдод эгаларининг шеър, ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилиниб, жамоа тўпламида қозоқ тилида 4 нафар, тожик тилида 3 нафар, қорақалпоқ тилида 7 нафар, рус тилида 5 нафар ёш адибларнинг асарлари китоб ҳолида нашр қилинди. "Биринчи китобим" туркумида рус тилида ижод қиладиган 2 нафар ёш адибнинг алоҳида китоблари босилди", – дея маълум қилинган Саудия газетаси.
"An Nahar News " газетаси сайтида эълон қилинган мақолада, шунингдек, Ўзбекистонда адабиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар янгидан-янги адабий лойиҳалар ва тадбирларда ўзининг ҳаётий аксини топаётгани алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси