Покистоннинг агросаноат ва озиқ-овқат соҳасидаги тажрибаси Навоийда жорий этилади
Май 06, 2026. 08:55 • 3 дақ
• 472КАРАЧИ, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациясининг Карачи шаҳрига ташрифи доирасида етакчи агросаноат ва озиқ-овқат компаниялари фаолияти билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация аъзолари мамлакатдаги йирик саноат гуруҳларидан бири бўлган “Pak Agro Group” компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнлари, бошқарув тизими ва экспорт салоҳияти билан танишди.
Компания раҳбарияти томонидан агросаноат, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш, саноат қадоқлаш ҳамда тўқимачилик соҳаларида тўпланган кўп йиллик тажриба, инновацион ёндашувлар ва барқарор ривожланиш стратегияси ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, компанияда ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, юқори самарадорликка эга линиялар асосида экспортбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Айниқса, мойли уруғларни қайта ишлаш орқали юқори сифатли ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш, саноат қадоқлаш маҳсулотларини кенг кўламда тайёрлаш, замонавий тўқимачилик маҳсулотларини халқаро бозор талаблари асосида ишлаб чиқиш ва экспортга йўналтириш борасидаги амалий тажриба делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу йўналишларда Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш, технологиялар трансфери ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик имкониятлари алоҳида муҳокама қилинди.
Музокаралар жараёнида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ҳамда икки томонлама савдо айланмасини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Карачига ташриф доирасида Покистоннинг гўштни қайта ишлаш ва агро-озиқ-овқат логистикаси соҳасида етакчи компанияларидан бири — “Tata Best Foods” компанияси бош ижрочи директори Шоҳид Билол Тата билан учрашув ўтказилди.
Суҳбат давомида томонлар Навоий вилоятида агросаноат мажмуаларини ривожлантириш, гўштни қайта ишлаш саноатини модернизация қилиш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилди.
“Tata Best Foods” компанияси ҳалол стандартлар асосида гўштни қайта ишлаш, юқори сифатли совитилган ва музлатилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга. Айни пайтда компания маҳсулотлари ички бозор билан бир қаторда Яқин Шарқ ва Осиё давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.
Учрашувда Навоий вилоятининг кенг яйловлари, қулай иқлим шароити, чорвачиликни ривожлантириш учун мавжуд ресурслари ҳамда Марказий Осиё бозорларига географик жиҳатдан яқинлиги каби омиллар хорижий ҳамкорлар учун катта имкониятлар эшигини очиши алоҳида таъкидланди.
Навоий вилоятида гўштни қайта ишлаш мажмуаларини барпо этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, замонавий совитилган ва музлатилган гўшт логистика тизимини шакллантириш, шунингдек, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича агрологистика ташаббуслари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



