Logo

"Diplomacy Journal": Сиёсий барқарорлик ва олға сурилаётган ислоҳотлар фонида Ўзбекистон араб инвесторлари учун асосий ҳамкорга айланди

Май 01, 2025. 10:30 • 2 дақ

68
"Diplomacy Journal": Сиёсий барқарорлик ва олға сурилаётган ислоҳотлар фонида Ўзбекистон араб инвесторлари учун асосий ҳамкорга айланди

СЕУЛ, 1 май. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг машҳур "Diplomacy Journal" журналида "Марказий Осиё ва КАДҲК: тарихий алоқалардан стратегик шерикликгача" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар беряпти "Дунё"АА мухбири.

Мақолада Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфазараб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) ўртасидаги муносабатлар тарихий алоқалардан замонавий стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилган.Эътиборлиси,нашрда икки минтақа ўртасидаги мулоқотнинг фаол ташаббускори ва ҳаракатлантирувчиси бўлган Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётгани алоҳида таъкидланган.

"Тарихан Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар орқали Марказий Осиё ва араб дунёси ўртасидаги энг муҳим маданий ва интеллектуал кўприк бўлган. Бугунги кунда у яна минтақалараро яқинлашувда муҳим роль ўйнаб, ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурмоқда", – деб ёзган муаллиф.

2023 йилда Жидда шаҳрида "КАДҲК – Марказий Осиё" биринчи саммитининг ўтказилиши бурилиш нуқтаси бўлди, унда Ўзбекистон савдо келишуви, транспорт алоқасини ривожлантириш, сармоявий ва агросаноат ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Иккинчи саммит 2025 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган, бу Ўзбекистоннинг тарихий ва дипломатик марказ сифатидаги аҳамиятини рамзий таъкидлайди.

"Сиёсий барқарорлик, ўсиб бораётган иқтисодиёт ва олға сурилаётган ислоҳотлар фонида Ўзбекистон араб инвесторлари учун асосий ҳамкорга айланди. 2023-2024 йилларда КАДҲК давлатларидан Ўзбекистонга, айниқса Саудия Арабистони ва БААдан туристлар оқими кескин ўсди.

"Ўзбекистон нафақат КАДҲК билан мулоқотда Марказий Осиё манфаатларини мувофиқлаштирувчи, балки араб инвестицияларини жалб қилиш нуқтасига, минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамли трансформациясини таъминлаш бўйича ҳамкорга айланмоқда", – деб ёзилган "Diplomacy Journal" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш