"Masche" журнали: Ўзбекистон тўқимачилик саноати вакиллари Германияда малака ошириш дастурларида қатнашди
Апрель 22, 2025. 11:29 • 2 дақ
• 70
БЕРЛИН, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Германия тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилари ассоциациясининг "Masche" журналида мамлакатимиз тўқимачилик саноати мутахассислари учун ушбу давлатда ташкил этилган малака ошириш курслари ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада жорий йилнинг февраль-март ойларида "Gesamtmasche" Германия текстиль ва трикотаж компаниялари уюшмаси ва "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмасининг "GUZ Partners" қўшма лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик текстиль саноати мутахассислари учун малака ошириш курслари ташкил қилингани маълум қилинган.
"Тренерларни ўқитиш лойиҳаси" деб номланган малака ошириш курси Германиянинг "Groz-Beckert Academy" академияси, Hochschule Albstadt-Sigmaringen институти ҳамда "Texoversum Experts&Training Hub" замонавий ўқитиш ва малака ошириш маркази билан ҳамкорликда уюштирилди.
"Икки ой давом этган курслар назарий ва амалий қисмларга бўлинган ҳолда, Ўзбекистон ва Германияда бўлиб ўтди. Мутахассислар жорий йилнинг февраль ойида тикувчилик фабрикаларида ишлаб чиқаришни сифат ва самарадорлик жиҳатидан яхшилаш, трикотаж буюмларини бўяш ва ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича назарий билимларни эгалладилар. Курс давомида, айниқса, кийим-кечак ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида тизимли жараённи ташкил этиш ва замонавий операцион маълумотларни олиш усуллари, энг муҳим замонавий тўқиш технологиялари чуқур ўргатилган", – дейилган нашрда.
Март ойида эса курс иштирокчилари олган назарий билимларини Германияда амалиётга йўналтирилган семинарлар орқали мустаҳкамладилар.
"Лойиҳа қатнашчилари эндиликда нафақат икки ой давомида олган замонавий назарий ва амалий билимларини Ўзбекистоннинг текстиль-трикотаж саноати мутахассисларига ўргатадилар, балки бу орқали ўзбек ва немис компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамланишига ўз ҳиссаларини қўшадилар", – деб ёзилган мақола.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида