Logo

"Wrkaa News" газетаси: Ўзбекистон экологик стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири – бу "яшил" иқтисодиётни ривожлантиришдир

Июль 07, 2024. 12:14 • 2 дақ

294
"Wrkaa News" газетаси: Ўзбекистон экологик стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири – бу "яшил" иқтисодиётни ривожлантиришдир

АР-РИЁЗ, 7 июль. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг "Wrkaa News" газетасида "Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш барқарор ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми бўлиб мамлакатнинг глобал муаммоларни ҳал этишга қўшаётган ҳиссасидир" сарлавҳали  мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Янги Ўзбекистон кун тартибида экологик сиёсат масалалари муҳим ўрин тутади, – деб ёзган муаллиф. – Жумладан, Ўзбекистон экологик стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири – "яшил" иқтисодиётни ривожлантиришдир. 2019-2030 йилларга мўлжалланган "яшил иқтисодиёт" давлат дастури углерод изини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбаларини ривожлантиришга қаратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг умумий энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини кўпайтириш бўйича ўз олдига улкан мақсадларни қўйган".

"Ўзбекистон – 2030" ривожланиш стратегияси ва кейинги режалар доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестициявий форумида таъкидлаганидек, мамлакат 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланадиган энергия қувватини 2030 йилга қадар яратиш ва энергия балансидаги улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган, деб маълум қилинган мақолада.

Ушбу мақсадларга янги қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, шунингдек, мавжуд энергия инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш киради.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг "Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни "яшил" энергетика соҳасини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Қонунда инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам ички, ҳам хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиради.

"Ўзбекистонда "яшил" энергетиканинг ривожланиши халқаро ташкилотлар ва молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро қайта тикланадиган энергия агентлиги, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ушбу ташкилотларнинг инвестициялари ва техник кўмаги қайта тикланадиган энергетика соҳасида инновацион технологиялар ва илғор тажрибаларни жадал жорий этишга хизмат қилмоқда", деб ёзган "Wrkaa News".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш