Logo

"Business Central Asia": Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар бизнес ва хорижий инвесторлар фаолияти учун шароитларни сезиларли даражада яхшилади

Июнь 28, 2025. 09:03 • 2 дақ

60
"Business Central Asia": Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар бизнес ва хорижий инвесторлар фаолияти учун шароитларни сезиларли даражада яхшилади

ДЕҲЛИ, 28 июнь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг "Business Central Asia" журналининг июнь ойи сонида Ўзбекистонга бағишланган туркум материаллар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимизнинг замонавий ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва IV Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2025) якунларига бағишланган мақолада қайд этилишича, "сўнгги етти йил мобайнида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур янгиланиш жараёни бизнес ва хорижий инвесторлар фаолияти учун шароитларни сезиларли даражада яхшилади. Натижада мамлакатга 90 миллиард доллардан зиёд хорижий сармоялар жалб этилди. Бу минтақа учун эътиборга лойиқ кўрсаткичдир. 2024 йилда иқтисодиёт 6 фоизга ўсгани мазкур ислоҳотларнинг самарадорлигини тасдиқламоқда".

Мақола муаллифи, журнал бош муҳаррири Индервир Сингҳнинг фикрича, "Ўзбекистон-2030" стратегияси мамлакатни ялпи ички маҳсулоти 200 миллиард долларга тенг бўлган минтақавий иқтисодий етакчига айлантириш бўйича улкан режани қамраб олган. Мазкур мақсадга эришиш жараёнида хорижий инвестициялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мунтазам ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми эса давлат ва бизнес доиралари ўртасидаги мулоқот учун муҳим майдонча вазифасини ўтамоқда.

Нашр ўз ўқувчилари эътиборини мамлакатимизнинг инвестицион фаоллигига қаратган: "Ўзбекистон нафақат ўз эшикларини очмоқда, балки халқаро сармоядорларни иқтисодиётнинг йирик тармоқларида, жумладан, машина ва транспорт воситалари ишлаб чиқариш, энергетика, молиявий технологиялар, сунъий интеллект ва бошқа соҳаларда фаол иштирок этишга чорламоқда".

"Business Central Asia" журналининг ёзишича, ТХИФ-2025нинг энг муҳим воқеаларидан бири илк бор ўтказилган инвестиция кўргазмаси бўлди. Унда йирик компаниялар ўзларининг янги лойиҳаларини намойиш этди, маҳаллий корхоналар эса ўз салоҳиятини халқаро аудиторияга тақдим этиш имкониятига эга бўлди.

Нашрда Ўзбекистон ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларига бағишланган бошқа мақолалар ҳам чоп этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш