"Business Central Asia": Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини замонавийлаштирмоқда
Май 01, 2025. 06:55 • 2 дақ
• 66
ДЕҲЛИ, 1 май. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг "Business Central Asia" журналининг апрель ойи сонида Ўзбекистонга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини замонавийлаштиришга интилмоқда" сарлавҳали мақолада мамлакатимиз агросаноат мажмуасида самарадорликни ошириш ва бозор механизмларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақидаги муҳим маълумотлар қаламга олинган.
"Яқинда ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар илмий-тадқиқот институтлари, йирик компаниялар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида Хитой, Италия ва Японияга сафар қилди, – деб ёзган мақола муаллифи. – Ўзаро тажриба алмашиш натижалари асосида янги ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилди".
Журнал уруғчилик қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишнинг асосий омили эканига эътибор қаратган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 14 та илмий-тадқиқот институти ва 55 та уруғчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Лекин янги навлар яратиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Маҳаллий уруғларнинг самарадорлиги пастлиги сабабли, кўплаб фермерлар хорижий навлардан фойдаланишни афзал кўрмоқда.
"Шу сабабли Юқори Чирчиқ туманидаги Агрохизматлар марказида уруғчилик ва кўчатчилик тизими ташкил этилади. Лойиҳа доирасида 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиниб, ғўза, буғдой, шоли, маккажўхори, узум ва мевали экинларнинг янги навларини яратиш режалаштирилган. Замонавий ускуналар ва дронлардан фойдаланган ҳолда кўчат етиштириш ва уларни экиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ҳосилни йиғиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган намунали майдонча яратилади", – деб таъкидланган мақолада.
Ҳиндистонлик журналист соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик ҳақида ҳам ёзган.
"Business Central Asia", шунингдек, Ўзбекистон ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларига бағишланган мақолаларни ҳам чоп этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида