Logo

Тошкент мода ҳафталиги Американинг машҳур «Forbes» журнали нигоҳида

Январ 08, 2024. 16:36 • 2 дақ

276
Тошкент мода ҳафталиги Американинг машҳур «Forbes» журнали нигоҳида

ВАШИНГТОН, 8 январь. /«Дунё» АА/. Американинг «Forbes» машҳур молиявий-иқтисодий журналида ўтган йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Тошкент мода ҳафталигига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Ҳиндистон, Вьетнам, Бразилия ва Хитой каби пахта экспорт қилувчи ва тўқимачилик саноатига эга йирик давлат ҳисобланади.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон туризмни тарғиб қилиш бўйича ҳам бир қатор ташаббусларни илгари сурди, – деб ёзади нашр. – Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб мажмуа ва шаҳарлар бор. Бўлиб ўтган Мода ҳафталиги Ўзбекистон пойтахти Ипак йўлининг афсонавий Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари каби улуғвор ва бетакрор гўзалликка эга эканлигини кўрсатди. Ҳеч муболағасиз, Тошкент ташриф буюришга арзийдиган масканлардан биридир».

«Forbes», шунингдек, мода оламининг таниқли вакили Даян Пернетнинг ушбу тадбир ҳақидаги фикрларини келтирган: «Мавсумнинг гўзал, ёрқин ва беқиёс рамзи – бу капалак бўлди».

Мақолада таъкидланишича, дунёдаги биринчи мода, маданият ва фильмлар фестивали «ASVOFF» асосчиси Даян Пернетнинг Ўзбекистонга ташрифи 2024 йилда Тошкентни саёҳат рўйхатига киритиш зарурлигини кўрсатди.

«Hyatt Regency» меҳмонхонасида ўтказилган тадбирда ўндан ортиқ дизайнерлар ўзларининг 2024 йил учун баҳор-ёз коллекцияларини намойиш этишди. Улардан беш нафари Ўзбекистоннинг ёш брендлари эди, қолган беш нафари эса Қозоғистон ва Грузиядан келган. Ҳар бир дизайнер томонидан тақдим этилган либослар тўплами ўзига хос хусусият ва услубга эгалиги билан мутахассислар эътирофига сазовор бўлди», - деб ёзган «Forbes».

Эслатиб ўтамиз, «Forbes» журнали дунёдаги энг нуфузли иқтисодий нашрлардан бири ҳисобланади. АҚШда Forbes 900 минг нусхадан ортиқ адади билан йирик бизнес журналлар қаторига киради. Журнал ишбилармонлик оламидаги дадил изланишлари ва воқеаларга объектив баҳо бериш, шунингдек, турли рўйхатлар ва рейтинглар эълон қилиб бориши туфайли эътирофга сазовор бўлган. «Forbes»нинг умумий аудиторияси бутун дунё бўйлаб тахминан 5 миллион кишини ташкил қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш