Ўзбекистон Бош вазирининг ташаббуслари турк ОАВда эътироф қилинди
Апрель 04, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 101
АНҚАРА, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳукумат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон вакиллари томонидан илгари сурилган ташаббуслар турк ОАВ эътиборида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“ТРТ-Аваз” порталида ёзилишича, саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов туркий давлатларнинг иқтисодий ва саноат мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича қатор стратегик таклифларни билдирган. У Ташкилот доирасида Доимий иқтисодий ҳамкорлик кенгашини Бош вазир ўринбосарлари даражасида ташкил этишни таклиф қилган.
Таъкидланишича, Габала саммитида эришилган келишувлар давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Мутахассислар ҳозирги глобал иқтисодий ноаниқликлар шароитида туркий давлатларнинг мустаҳкам институционал тузилмада бирлашиши муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этган.
Материалда баён этилишича, Ўзбекистоннинг ташаббуслари фақат савдо билан чекланмайди. Ўзбекистон Бош вазири туркий дунё ўз ишлаб чиқариш занжирларини яратиши лозимлигига урғу берган. Шу мақсадда, Туркий давлатлар саноат иттифоқини ташкил этиш орқали ишлаб чиқариш қувватларини бирлаштириш, стратегик минерал бойликларни қайта ишлаш ва қиймат занжирини яратиш бўйича қўшма дастур қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.
“ТРТ-Аваз”нинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг кенг қамровли ташаббуслари туркий дунёни Евроосиёда технологик ва саноат жиҳатдан мустақил, қудратли ҳамкорлик платформасига айланишига замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси