Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик индексида ўсиши кузатилди
Апрель 04, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 64
МАСҚАТ, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Ўмондаги оммабоп “Asdaa Oman” газетасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари ва халқаро рейтинглардаги ўсишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2026 йил учун эълон қилинган Иқтисодий эркинлик индекси натижалари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатади. Хусусан, мамлакат 184 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаб, 60,3 балл тўплаган. Бу ўтган йилга нисбатан 2,3 баллга юқорилаган.
Ўзбекистон илк бор “асосан эркин иқтисодиёт” тоифасига киритилди. Мамлакат кўрсаткичлари нафақат жаҳон ўртача даражасидан, балки Осиё-Тинч океани минтақасининг ўртача даражасидан ҳам юқори экани қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, индексни шакллантирувчи 12 та асосий кўрсаткичдан 8 тасида ижобий ўсиш кузатилган. Айниқса, солиқ юкининг камайтирилиши, давлат харажатларининг оптималлаштирилиши ва молиявий барқарорликни таъминлаш борасидаги ишлар халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланган.
“Asdaa Oman” нашри Ўзбекистоннинг бозор очиқлиги, инвестициявий жозибадорлиги ва савдо эркинлиги йўналишларидаги натижаларини ҳам алоҳида эътироф этган. Шу билан бирга, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, суд тизими самарадорлигини ошириш ва давлат бошқаруви сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳам эътибор қаратилган.
Нашр хулосасида Ўзбекистонда молиявий секторни модернизация қилиш ва бозор механизмларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси