Ўзбекистон ва Жанубий Корея ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда
Апрель 05, 2026. 12:50 • 2 дақ
• 136
СЕУЛ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Корея Республикаси “Yonhap” миллий ахборот агентлиги вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари юзасидан учрашув ташкил этилди деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда “Yonhap” президенти Хван Де Ир, бошқарув директори Кан И Ён ва халқаро алоқалар бўйича бош менежер Хван Соник Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шерикликда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнаши ҳақида фикр билдирди. Мутахассислар жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлар ва янгиликларни медиа оламида холис ва тезкор равишда ёритилиши кераклигини қайд этди.
Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сеулга ташрифи ва 2026 йил сентябрда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити масалаларини муҳокама қилишди. Шу билан бирга, “Yonhap” агентлиги Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган махсус дастур тайёрлашни таклиф қилди. Унда сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳити, маданий мерос, креатив саноат ва Корея компаниялари фаолияти ёритилади.
Суҳбат жараёнида агентлик ва Ўзбекистон давлат ахборот тузилмалари ўртасида янгиликлар алмашиш ва тезкор ҳамкорлик қилиш учун тўғридан-тўғри мулоқот каналлари яратиш режалаштирилди. “Yonhap” вакиллари хориждаги корейс диаспораси тарихига жамоатчилик қизиқиши катта эканини таъкидлаб, 1930 йилларда Марказий Осиёга кўчиб келган корейсларнинг ҳиссаси ва анъаналарини ўрганишга қаратилган қўшма журналистик экспедиция ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида томонлар тизимли ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, ишчи алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва келишувларни амалга оширишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси