“Associated Press of Pakistan” АА: Бухорода II Осиё хотин-қизлар форумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда
Апрель 08, 2026. 11:29 • 2 дақ
• 188
ИСЛОМОБОД, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги шу йилнинг 13–15 май кунлари Бухоро шаҳрида II Осиё хотин-қизлар форуми бўлиб ўтиши ҳақидаги мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатида II Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтган.
“Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раислигида ўтган йиғилишда мазкур анжуманни “БМТ–аёллар” тузилмаси ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан биргаликда жорий йил 13–15 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиш белгиланди”, – деб таъкидланган нашрда.
“APP” АА маълум қилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 23–29 сентябрь кунлари бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Осиё хотин-қизлари форумини доимий платформага айлантириш таклифи илгари сурилган эди.
Шу мақсадда форум доирасида минтақа хотин-қизларининг сиёсат, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш ва таълим, ижтимоий ҳимоя, иқлим, экология ва бошқарув соҳаларидаги ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилади. Бу борадаги глобал ва минтақавий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади ва ўзаро тажриба алмашилади.
Форум орқали Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий имкониятлар, бандлик, тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида яратилган шарт-шароитлар, обод маҳаллалар ва фаровон оилалар ҳаёти, туризм салоҳияти ҳамда илғор миллий тажриба хорижий иштирокчиларга етказилади.
“БМТнинг Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Хавфсизлик Кенгашининг 1325-резолюцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларини ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади”, – дейилган “APP” тарқатган материалда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси