“Emergingtravel.news”: Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон туризми ривожида муҳим аҳамиятга эга
Апрель 08, 2026. 12:51 • 2 дақ
• 65
ЛОНДОН, 8 апрель. /“Дунё” АА/. Буюк Британиядаги халқаро туризм янгиликларини чоп этишга ихтисослашган электрон нашр – “Emergingtravel.news” сайтида Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, уч қаватли мажмуада музей, 200 минг китоб фондига эга илмий-тадқиқот кутубхонаси, реставрация лабораториялари ва 460 ўринли конференция зали мавжуд.
Ушбу иншоотдаги 65 метр баландликдаги мовий гумбаз кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Бу меъморий услуб Темурийлар давридан олинган бўлиб, мозаик равоқлар, мовий кошинлар билан қопланган гумбазлар ва мураккаб нақшлар билан безатилган.
Асосий майдон тахминан 15 минг квадрат метрни эгаллайди, алоҳида қанотлар тадқиқот маркази, рақамлаштириш ва реставрация лабораториялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар офислари учун ажратилган. 2 мингга яқин нодир қўлёзма ва осори-атиқалар халқаро аукционлар ва хусусий коллекциялардан қайтарилган.
Нашрда қайд этилишича, марказдаги кўргазма дастури исломгача бўлган меросдан Биринчи ва Иккинчи Ренессансгача бўлган даврни қамраб олади ва замонавий Ўзбекистонга бағишланган бўлимни ўз ичига олади. Унда нодир буюмлар репликалар, уч ўлчовли технологиялар ва аудиовизуал форматлар билан уйғунлаштирилган.
Шон-шараф залида Марказий Осиё тарихидаги асосий воқеаларни акс эттирувчи 14 та арка, 100 дан ортиқ тарихий мутафаккир ва олимларнинг электрон профилларини ўз ичига олган рақамли платформага боғланган интерактив панеллар мавжуд.
Мақолада мазкур улкан марказнинг очилиши Ўзбекистонда туризмининг барқарор ўсишида муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида эътироф этилган. Ислом цивилизацияси маркази Тошкентнинг муҳим маданий марказ сифатидаги ўрнини янада оширади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси