Logo

“Haslemere Herald” газетаси: Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк Ипак йўлининг маркази

Апрель 07, 2026. 10:50 • 2 дақ

174
“Haslemere Herald” газетаси: Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк Ипак йўлининг маркази

ЛОНДОН, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “Haslemere Herald” газетасида ёзувчи ва сайёҳ Крис Асланнинг Ўзбекистонга бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк Ипак йўлининг маркази сифатида таърифланиб, мамлакатдаги тарихий шаҳарлари бўйлаб қилган саёҳати ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф ўз ҳикоясини Тошкент шаҳридан бошлаб, пойтахтнинг замонавий ва тарихий қиёфаси, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали ҳамда ўзига хос безаклари билан ажралиб турувчи Тошкент метрополитени ҳақида батафсил маълумот берган.

Материалда “Чорсу” бозори Марказий Осиёдаги энг гавжум ва колоритли масканлардан бири экани, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази эса зиёрат туризмининг янги ўчоғига айланаётгани алоҳида қайд этилган.

Крис Аслан Самарқандни таърифлар экан, Регистон майдонидаги меъморий ансамбль Темурийлар даври архитектурасининг энг ёрқин намунаси эканини таъкидлайди. Мақолада Гўри Амир мақбараси ва Мирзо Улуғбек давридаги илм-фан ютуқлари билан бир қаторда, шаҳарнинг ипак матолар, зардўзлик ва кулолчилик каби анъанавий ҳунармандчилик мактабларига юксак баҳо берилган.

Бухоро ва Хива шаҳарлари ҳам нашр диққат марказида бўлди. Бухоро “Зардўзлик” санъати ва яхши сақланиб қолган тарихий маркази билан тилга олинган бўлса, Хива ­ “Ичан-қалъа” мажмуаси ва бетакрор “Калта минор” минораси орқали қадимий шаҳар сифатида тасвирланган.

Британиялик экспертнинг хулосасига кўра, Ўзбекистоннинг ушбу тарихий шаҳарлари архитектура ва ҳунармандчилик анъаналари орқали Буюк ипак йўлининг бой меросини бугунги кунгача асраб-авайлаб келаётган ноёб хазина ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш